Қозоғистон бирқатор давлатлар билан судланганларни бериш ҳақида келишув имзолайди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Парламенти Сенатининг ялпи мажлисида «Қозоғистон ва Монголия ўртасида судланган одамларни бериш ҳақидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида»ги ҚР Қонуни қабул қилинди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Шартнома 2018 йил март ойида Нур-Султан шаҳрида имзоланган.

«Ҳужжат икки давлат ўртасида жазосининг қолган қисмини ўз мамлакатида ўташи учун судланган одамларни ўзаро алмашиш каби масалаларни тартибга солади», - деди ҚР Бош прокурори ўринбосари Болат Дембаев.

Судланган шахс қабул қилувчи томоннинг фуқароси бўлиши шарт. Шу билан бир қаторда содир этилган ҳаракат икки томоннинг қонуни бўйича ҳам жиноят деб топилиши, жазонинг қолган қисми камида бир йилни ташкил этиши лозим.

Бундан ташқари, судланганларни беришдан бош тортиш асослари ҳам кўрсатилган. Жумладан, мамлакат суверенитетига, хафвсизлигига дахл қилинган, жамоат тартиби бузиладиган бўлса, ундай шахсларни бериш миллий қонунчиликнинг таянч тамойилларига зиддир.

Б.Дембаевнинг айтишича, ҳозирда Монголияда жазосини ўтаётган Қозоғистон фуқаролари йўқ. Қозоғистонда эса 5 нафар Монголия фуқароси жазосини ўтамоқда.

«Шу каби шартнома 21 давлат билан имзоланган. Яқинда Ўзбекистон, Вьетнам, Кипр, Доминикан ва бошқа мамлакатлар билан ҳам шартнома имзолаш режалаштирилган», - деди Бош прокурор ўринбосари.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар